Янги мавсумга тайёргарлик доирасида ўтказилган назорат учрашувида Англиянинг «Ливерпуль» клуби ўз майдонида Франциянинг «Монако» жамоасига 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
«Энфилд» стадионида ўтказилган баҳсда мезбонлар ҳисобни 16-дақиқада очди. Ҳужумчи Александр Исак «Ливерпуль»ни олдинга олиб чиқди.
29-дақиқада Флориан Вирц мерсисайдликларнинг иккинчи голини урди.
Бироқ биринчи бўлим якунида «Монако» ҳисобдаги фарқни қисқартирди. 44-дақиқада россиялик ярим ҳимоячи Александр Головин пенальти ишлаб, уни аниқ амалга оширди.
Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида меҳмонлар ҳужумчиси Мика Биерет ҳисобни тенглаштирди.
Учрашув якунига яқин, 88-дақиқада «Монако» ҳужумчиси Парис Бруннер гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди.
Шу тариқа «Ливерпуль» янги мавсум олдидан ўтказилган тайёргарлик баҳсида «Монако»га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Мерсисайдликлар бундан аввал «Лидс»га 2:4 ҳисобида мағлуб бўлган эди. «Монако» эса июль охирида «Серкль Брюгге» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, «Спортинг»га 0:2 ҳисобида ютқазган. 6 август куни француз клуби «Хетафе»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган.













