| Баҳо: |
+0; -0
|
Безбек Хумкаллаев янги фермер хўжалигига бошлиқ этиб тайинланди. Бекорга эмас, албатта. Бунгача қанчадан-қанча қўллар сиқилди, қанчадан-қанча этаклар ўпилди. Ишқилиб, ҳозир Безбекнинг ошиғи олчи. Катта фермер хўжалиги унга қарайди. Келганидан бери билганиям, қойиллатганиям мажлис. Калласига бирор-бир фикр туғилиб қолса, тамом, мажлис уюштиради. Мажлис тугагач эса ёрдамчисига тайинлайди, “Иш планининг асосий қисмига ёзиб қўйинг, навбатдан ташқари мажлисда фермер хўжалигини ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди, денг”.
У келгач, ҳисоб дафтарлари кўпайгандан-кўпайди. Фермер хўжалигини буюк келажак ҳақидаги орзулар қамраб олди. Бунда, албатта, Безбекнинг ёрдамчиси Сурбет Гаптегмасовнинг хизмати катта бўлди.
Орадан анча вақт ўтди, аммо тараққиёт қоғозда қолиб кетди. Катта-катта бўлиб пишган картошкалар эса дори сабабли етиштирилганлиги учун одамларни заҳарлай бошлади. Мажбуран етиштирилган маҳсулотлар бошқа нимага ҳам ярарди? Бу охир-оқибат норозиликларни келтириб чиқарди. Орада Безбек Хумкаллаев бир эркалик ҳам қилди, ишдан кетиши ҳақида хабар қилди, аммо яна ишини давом эттираверди. Ёрдамчилари эса буни қуйидагича изоҳлашди: “Безбек Хумкаллаев фаолиятини тугатиш ҳақида қарор қилди, одамлар эса ундан қолишини илтимос қилишди, у эса одамларни ўйлаб, лавозимида қолди”. У шу қадар устаси фаранг эди-ки, уқувсизлигини оташин нутқлари билан ёпиб кетарди.
— Биз охирги пайтларда тарқалаётган касалликларга қарши курашиш йўлини топдик, — деди у бир сафарги нутқида. — Бундан буён маҳсулотларни дорилаган, уни зўрма-зўраки етиштирганлар қаттиқ жазога тортилади.
Ҳамма уни олқишлади. Безбек Хумкаллаев идорасига қайтгач, ёрдамчиси уни кулиб қарши олди:
— Бопладингиз лекин, хўжайин. Роса ишонарли чиқди. Вей, роса жиддий турдингиз лекин.
— Мени биласан-ку!
— Айтгандай, жаноб Хумкаллаев, бу йил кўпроқ маҳсулот етиштирмокчи эдик, нима маслаҳат берасиз?!
— Дорилаш керак, дорилаш…
| Асосий сахифа |
|
© STADION.UZ Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт. Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар. |
|