| Баҳо: |
+2; -0
|
БОЛТАВОЙ: Бедананинг уйи йўқ, қайга борса “бит-билдиқ” экан. Бошлаймизми?
ТЕШАВОЙ: Майли, агар сизда ҳаммаси “сип-силлиқ” бўлса бошлайверамиз!
БОЛТАВОЙ: Бедана экансиз, бедана бўлгандаям ҳакамнинг беданаси экансиз. Ҳамма голни муҳокама қилишаётган пайт сиз сайраб қолибсиз: “топ-тоза” деб.
ТЕШАВОЙ: Сиз ҳам ҳакамнинг беданаси экансиз, эгангиз футболчиларга қанақа карточка кўрсатишни билмай турса, сиз деб сайраб тураркансиз: “сап-сариқ” ё “қип-қизил”.
БОЛТАВОЙ: Сиз ПФЛнинг беданаси экансиз, мажлисларда клуб президентлари йиллик режаларини ўқиб эшиттирганда сиз сайраб қоларкансиз: “саф-сата” деб.
ТЕШАВОЙ: Сиз футбол клубининг беданаси экансиз, ОФК коммисияси клубингиз ишларини текширгани келибди. Клуб раҳбарларидан шароитлар ҳақида сўрашса, сиз сотиб қўйибсиз: “даб-дала” деб.
БОЛТАВОЙ: Сиз ҳам шундай бедана экансиз. ОФК комиссияси клуб президентидан стадион майдонининг аҳволини сўраса, сиз ҳам сотиб қўйибсиз: “тап-тақир” деб.
ТЕШАВОЙ: Сиз эса клуб президентининг беданаси экансиз. Бир матбуот анжуманида журналистлар клубингизнинг бюджети ҳақида сўрашса чаққонлик қилиб юборибсиз: “қуп-қуруқ” деб.
БОЛТАВОЙ: Сиз ҳам аҳволи ёмонлашган клубнинг беданаси экансиз. Биронта бойроқ меҳмон келса клубга ҳомийлик қилишини истаб қоларкансиз: “қут-қаринг” деб.
ТЕШАВОЙ: Сиз ҳам матбуот анжуманида “жамоанинг яхши ўйин кўрсатишига нима етишмаяпти?” деган саволга ўзингиз жавоб берворибсиз: “ҳаф-сала!”
БОЛТАВОЙ: Ўзингиз ҳакамнинг беданаси экансиз. Эгангизга пора таклиф қилишибди, поранинг чўғи камроқ эканми ё сизга ёқмабдими, эгангизни қараб “кўп сўранг” дермишсиз.
ТЕШАВОЙ: Сиз назоратчининг беданаси экансиз, ўйиндан олдин тўпнинг дамини текшириб кўрмоқчи бўлса, гап қистирармишсиз: “тап-таранг” деб.
БОЛТАВОЙ: Футбол мухлисининг беданаси экансиз. Эгангиз Ўзбекистон-Япония ўйинига бир йигитдан билет олган экан, сўкиниб-сўкиниб. Орадан анча ўтибди, ўша йигитни кўриб таниб қолиб, сайраворибсиз: “об-сотар!” деб.
ТЕШАВОЙ: Сиз клубнинг беданаси экансиз. Клуб раҳбарлари мухлисларни стадионга киришини бепул қиламиз, деб туришса ақл ўргатибсиз: “чип-таланг!” деб.
БОЛТАВОЙ: : Сиз мухлис бедана экансиз, жамоангиз ютқизиб қўйиб, ҳамма мухлислар аламдан ҳакамни сўкиб кетишибди. Сиз ҳам алам билан ҳакамни сўкармишсиз: “қиз-талоқ!” деб.
ТЕШАВОЙ: Дарвозабонлар мураббийи дегани бор-у, сиз ўшанинг беданаси экансиз. Дарвозабон “тўпга қандай отилай?” деб сўраса, эгангизнинг ўрнига сиз сайраяпсиз: “кўн-даланг!” деб.
БОЛТАВОЙ: Сиз мураббийниг беданаси экансиз. Эгангиз ўйин пайти майдон четига келиб бир футболчисини сўкиб турса ақл ўргатармишсиз: “об-ташанг!” деб.
ТЕШАВОЙ: Сиз мухлис бедана экансиз, мухлис бўлгандаям бақироқ мухлис экансиз. Ўйин пайти ҳакамни тинч қўймасмишсиз: “иш-тараф!” деб.
БОЛТАВОЙ: Сиз эса футболчининг беданаси экансиз. Клубнинг эгангиздан қарзи кўпайиб кетибди, мавсум якунланса ҳам клуб қарзини тўлашни пайсалга солармиш. Сиз эса эгангизга ақл ўргатармишсиз: “қис-таланг” деб.
| Асосий сахифа |
|
© STADION.UZ Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт. Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар. |
|